Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

С. Усмоновнинг вилоят халқ таълими тизими ходимлари, ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарига БАЙРАМ ТАБРИГИ

Янги йил байрами муносабати билан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи С. Усмоновнинг вилоят халқ таълими тизими ходимлари, ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарига
БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, азиз устоз ва мураббийлар, қадрли ўқувчи-ёшлар!
Яна саноқли кунлардан сўнг жонажон юртимизга янги — 2020 йил кириб келади.
Ҳар биримизнинг қалбимизда Янги йилда амалга оширишни режалаштираётган улкан мақсадлар, эзгу орзу-истаклар жўш уриб турган шукуҳли кунларда барчангизни ушбу қутлуғ айём билан табриклайман! Сизларга сиҳат-саломатлик, тинчлик ва хотиржамлик, фаолиятингизда юксак муваффақиятлар тилайман!
Тугашига саноқли кунлар қолган 2019 йил вилоят халқ таълими соҳаси учун чинакам синов йили бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бу йилда эътироф этишга лойиқ ютуқлар билан бирга, фаолиятимизни тубдан ислоҳ қилиш, касбий фаолиятимизга муносабатимизни ижобий жиҳатдан ўзгартиришга ундовчи камчиликларга гувоҳ бўлдик.
Президентимизнинг кейинги йилларда ўқитувчи касби, унинг масъулиятли фаолиятига юксак баҳо бериб, уларга чексиз ғамхўрлик кўрсатаётгани муаллимларимизга шижоат бағишлади. Айниқса, 2019 йилда вилоятимиздан 7 нафар педагогларимизнинг давлат мукофотлари билан тақдирлангани, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танловида 4 нафар ўқитувчимизнинг ғолибликни қўлга киритгани фикримизни тасдиқлайди. Ўқувчиларимизнинг республика ва халқаро нуфузли фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллагани ҳам давлатимизнинг соҳага қаратаётган эътибори ифодасидир.
Бироқ шунга қарамай, фаолиятимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар кўп. Уларни танқидий таҳлил қилиш, камчиликларни бартараф этиш доимий эътибор марказимизда бўлиши шарт.
Шу ўринда аввалроқ ҳам таъкидлаган бир фикримни айтмоқчиман. Ўқитувчининг ўз устида ишлаб, сифатли таълим-тарбия беришини назорат қилувчи — бу директор. Агар директор ўз вазифасига совуққон ва масъулиятсиз бўлса таълим тизимидаги энг катта фожиа ана шу ердан бошланади. Ўйлайманки, Янги йилда умумтаълим мактабларида раҳбарлик қилаётган директорларимиз камчиликлардан тегишли хулоса чиқариб, ўз педагогик жамоасини таълим-тарбия сифатини ошириш, ўз устида ишлаш йўлида бирлаштириб, ўзи ҳам намуна бўлади.
Қадрли ўқувчилар, фарзандларим!
Сизнинг пухта билим олиш, бўш вақтингизни мазмунли ташкил этиш, спорт билан шуғулланиш, иқтидорингизни шакллантириш йўлида бугунгидек юксак даражада эътибор қаратилмаган. Буни қалбан ҳис этиб, устозларингиз бераётган таълим-тарбияни шуурингизга сингдириб, уқиб, она Ватанимиз, халқимиз сизга билдираётган ишончни оқлашингизни истардим.
Азиз ота-оналар!
Жондан азиз дилбандингизни умид ва ишонч билан бизнинг қўлимизга топширяпсиз. Мактаб, аввало, таълим маскани. Тарбия масаласида ҳали бироз ўйинқароқ, бироз “хомроқ” фарзандингизни биз билан бирга назорат қилмасангиз, биз билан ҳамфикр, ҳаммаслак бўлмасангиз кўзлаган юқори марраларни забт этишимиз мушкул! Тилагимиз Янги йилда ана шундай муҳим вазифани биз, таълим-тарбия тизими ходимлари билан биргаликда адо этасиз, деган умиддамиз.
Якунига етаётган йилда мактабларимизнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқувчи-ёшлар ҳамда ўқитувчилар учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Соҳанинг равнақ топишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган барча давлат идоралари, хусусан, вилоят ҳокимлиги, корхона ва ташкилотларга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
Янги йилда ҳам халқимиз фарзандларини интеллектуал салоҳиятли, юксак билим ва ақлу заковатга эга инсонлар қилиб тарбиялашда барчамизнинг бирдамлик билан ҳаракат қилишимизнинг тилакдошиман!
Барчангизга мустаҳкам соғлик, тинчлик-хотиржамлик, хонадонингизга файзу барака тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Саидаҳмад Усмонов,
Самарқанд вилояти халқ
таълими бошқармаси бошлиғи


Охирги ўзгариш вақти: 03/01/2020 12:52;   Кўрилганлиги: 84
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/speeches/s-usmonovning-viloyat-xalq-talimi-tizimi-xodimlari-oquvchilar-hamda-ularning-ota-onalariga-bayram-tabrigi
Чоп этилган вақт: 28/02/2020 02:00
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг