Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Сайдуллаевич Усмоновнинг тизимда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар, 2020 йилдаги истиқболли вазифаларга бағишланган матбуот анжуманидаги маърузаси

Ассалому алайкум, ҳурматли журналист ва блогерлар, азиз дўстлар! Барча соҳалар қатори, таълим тизимида ҳам улкан ислоҳотлар давом этаётган мана шундай кунларда Сизлар билан учрашиб, мулоқотда бўлиб турганимдан, келгусидаги вазифаларимиз, муаммо ва камчиликлар ҳақида фикр алмашиш имкониятига эга бўлганимдан жуда хурсандман.

        Очиғини айтадиган бўлсак, бугун ҳар қандай воқеа-ҳодисаларни Сизларнинг холис ва ҳаққоний муносабатингиздан, назоратингиздан холи тасаввур қилиш қийин. Фидойилик ва жонкуярлик билан олиб бораётган ушбу фаолиятингиз ҳар қайси даражадаги раҳбарлар, масъул ходимларни ҳаракатга келтираётгани, мавжуд муаммоларга биргаликда, ҳамкорликда ечим топилаётгани қувонарлидир. Хусусан, кейинги пайтларда халқ таълими соҳасидаги йиллар давомида эътибордан четда қолаётган, холис ва ҳаққоний ечимини кутиб турган муаммолар Сизларнинг ташаббусингиз билан кенг жамоатчиликка ҳавола этилаётгани эътиборга молик. Интернет ва босма нашрлар орқали умумтаълим муассасаларидаги давомад, таъмирлаш ва бунёдкорлик ишларидаги камчиликлар, фаррошларга маош тўланишидан тортиб, бошқа турли масалаларни танқидий таҳлил этиб, ҳолатни жойида ўрганиб, холис муносабатингизни билдирганингиз таҳсинга сазовор. Айни пайтда фаолиятимизга доир янгиликларни, ғоя ва ташаббусларни, маълум ютуқларни ҳам худди шундай ёритиб келаётганингиздан миннатдормиз. Келгусида ҳам ана шундай ўзаро ҳамкорлигимизнинг давом этиши тарафдориман ва доим қўллаб-қувватлайман!

2019-2020 ўқув йили бошидан биз, халқ таълими ходимлари “Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик!” деган эзгу шиор остида иш бошладик ва бугун ҳам шу асосда саъй-ҳаракатларимизни давом эттиряпмиз. Президентимиз илгари сураётган ғоя ва ташаббуслар, таълим тўғрисида очиқ-ойдин билдираётган танқидий фикрлари соҳада муаммолар кўплигидан далолат. Қолаверса, жорий йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилгани ҳам тизимда кечиктириб бўлмас вазифаларни амалга оширилиши лозимлигини тақозо этди.

Вилоятда халқ таълими тизимини ривожлантиришда биз устоз ва мураббийлар салоҳиятини ошириш, ўқувчининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифаларни белгиладик. Тўғри, ҳозирча катта янгилик яратмадик, бирор нарсани кашф қилмадик, аммо бу борада аввало ўзибўларчилик, халқ таълими соҳасида ўқитувчиларнинг совуққонлик билан ёндашувига чек қўйиш, уларни ўз устида ишлашга мажбурлаш, энг қуйидаги раҳбарларни “уйғотишга” қатъий киришдик.

Йиллар давомида изланмай қўйган, ҳатто ўз фанини ҳам пухта билмайдиган ўқитувчиларни баҳолаш мақсадида “Устозлар беллашуви”ни ташкил қилдик. Бу ҳозирча мактабнинг ичида ўтказиляпти. Натижалари муҳокама қилиняпти. Келгусида буни вилоят миқёсида ўтказишни режалаштирганмиз. Бугун ўқитувчидан, мактаб директорларидан фақат таълим сифати ва самарадорлигини талаб қиладиган вақт келди. Аммо халқ таълими соҳасидаги янгиликлар, берилаётган топшириқлар жойларгача етиб бормаётган ҳолатларига гувоҳ бўлдик. Айни пайтда директор ишламаса, ўз вазифасини сидқидилдан бажармаса, ўз жамоасига шахсий намуна бўлмаса барча саъй-ҳаракатларимиз бефойда. Шу боис уларнинг масъулиятини ошириш, тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида вилоятимиздаги 1236 та мактаб директорлари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари масъул раҳбарлари иштирокида 16 та шаҳар ва тумандаги студиялар орқали видеоселектор тарзида йиғилишлар ўтказишни йўлга қўйдик. Унда умумтаълим мактабларидаги таълим сифати, ўқитувчиларнинг фаолияти давомида эришаётган натижалари, ўқувчиларнинг билим даражаси тўпланган маълумотлар асосида муҳокама этилиб, танқидий таҳлил этилмоқда. Албатта, бу ўз самарасини бера бошлади. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида, турли фанлардан малакали ўқитувчиларнинг онлайн тарзда маҳорат дарсларини ташкил этишни ҳам режалаштиряпмиз.

Умумтаълим мактабларида тажриба-синов тариқасида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режаларнинг жорий этилганидан хабарингиз бор. Вилоятда 42 та умумтаълим мактабларида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа асосида дарслар ташкил этилиб, уларга жами 1734 нафар 10-11-синф ўқувчилари жалб қилинган, Ушбу тажриба-синов орқали битирувчиларимизнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ортиши кутилмоқда.

***

Шу ўринда бугун кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган баъзи масалаларга тўхталиб ўтсам.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ўқитувчининг эҳтиётсизлиги сабабли ўқувчининг икки тирноғи узилиб тушди” номли мақола бўйича Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 4 февраль куни “Ўқитувчининг эҳтиётсизлиги сабабли ўқувчининг икки тирноғи узилиб тушди” номли мақола эълон қилиниб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Маълум бўлишича, ҳодиса жорий йилнинг 21 январь куни содир бўлган. Ҳақиқатдан ҳам, шу куни 16-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси, айни пайтда мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари 8-“Г” синфда дарс машғулоти ўтаётган пайтда ўқувчилар Далер Шумелин ва Элдор Рашидовлар ўзаро тортишиб туради. Камолиддин Усанов уларни тинчлантириш ва танбеҳ бериш мақсадида Элдор Рашидовни синфхонадан ташқарига чиқаради. Уларнинг ортидан Далер Шумелин ҳам эргашиб, синфхонадан чиқмоқчи бўлганда ўқитувчи Камолиддин Усанов Далердан чиқмасликни талаб қилиб, жаҳл устида эшикни қаттиқ ёпади. Афсуски, эшикдан қўлини олиб улгурмаган ўқувчи Далер Шумелиннинг ўнг қўл ўрта ва номсиз бармоқлари қаттиқ шикастланади.

Шу пайтнинг ўзида ўқитувчи Камолиддин Усанов ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Азиз Бекмуродов Далер Шумелинни шифохонага олиб борган ва онасига хабар берган. Содир бўлган ҳолат юзасидан мактаб раҳбарияти 21 январь ва ундан кейинги кунлар давомида шаҳар халқ таълими бўлимига ҳам, ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам хабар бермаган. Камолиддин Усанов ўқувчи Далер Шумелиннинг олган жароҳатларини даволаш харажатлари ва унинг яқинлари кўрган зарарни қоплашга ваъда берган. Уч-тўрт кун давомида харажатларни тўлаб, ўқувчининг уйига озиқ-овқат маҳсулотларини олиб бориб турган. Аммо кейинчалик оилавий аҳволи туфайли ёрдам бера олмаган. Бўлиб ўтган ҳодисалардан шаҳар халқ таълими бўлими хабар топгач, ушбу ҳолат юзасидан 16-умумтаълим мактабида ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини олиб борди. Мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари билан суҳбат ўтказилиб воқеага тўлиқ ойдинлик киритилди. Далер Шумелиннинг онаси билан суҳбатлашиб, унга моддий ёрдам ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Камолиддин Усанов ундан кейинги харажатларни ҳам тўлашни зиммасига олди.

Ўқувчининг шифокор назоратидан ўтиши учун уни шифохонага олиб бориб келиш учун масъул тайинланди. Бугунги кунда Далер Шумелиннинг жароҳатлари битмоқда. У “Доктор Аралов медикал” масъулияти чекланган жамиятига қарашли хусусий клиникаси шифокори Алишер Лутфуллаевнинг доимий назоратида.

Ўқувчи билан муносабатларда эҳтиётсизликка йўл қўйган Камолиддин Усановга нисбатан шаҳар халқ таълими бўлими мудирининг 2020 йил 5 февралдаги 29-К-сонли буйруғи билан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддасига мувофиқ, “Хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди. Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича ўқитувчилар орасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.

***

Оқдарё туманидаги 63-махсус мактаб-интернатдаги ҳолат вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ҳокимлиги ва журналистлар томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, 63-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасининг 5 “А”-синф ўқувчиси С.И. Самарқанд вилояти Нарпай тумани Оқтош шаҳри А.Равшанов кўчаси, 32 - уйда ота-онаси билан бирга яшайди.

Тарбияланувчи ушбу муассасага 2015 йилда “Олигофрения дебиллик даражаси нутқ нуқсон”ли ташхиси билан қабул қилинган. 2020 йил 23 январь куни тарбиячи Ш.Т. навбатчилиги вақтида, эрталаб соат 6:00 ларда ташқарига чиққан. Шу вақтда тарбияланувчи С.И. ҳам унинг орқасидан ташқарига чиққан. Бундан хабардор бўлмаган ҳолда тарбиячи Ш.Т. ўз иши билан машғул бўлган. Шундан сўнг тарбияланувчи С.И. 30-40 минут оралиғида ташқарида қолиб кетган. Шу вақт мобайнида тарбияланувчида “Талваса синдроми” кузатилган. Тарбияланувчини ётоқхона биносига олиб киришган. Муассасанинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари З.Фозилова туман тиббий тез ёрдам бўлимига қўнғироқ қилган.

Тиббий тез ёрдам ходимлари етиб келгунга қадар тарбияланувчи С.И.га биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида оёғининг таг қисмига иссиқ сув солинган баклашка қўйиб, иссиқ покривал билан ўраган. Эҳтиётсизлик оқибатида боланинг оёғининг таг қисми куйиб, пуфакча ҳосил бўлган. Шу сабабли ҳозирча оёққа тургани йўқ. Туман тиббиёт ходимлари боланинг умумий аҳволи яхши эканлиги, 1 ҳафта-10 кунда тузалиб, мактабга қайтиши мумкинлигини билдиришган.

Ушбу ҳолат бўйича ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун муассаса тарбиячиси Ш.Т. ва тунги энага О.Т. лар мактаб директорининг 2020 йил 25 январдаги №-9, №10-сонли буйруқлари асосида вазифасидан озод этилган. Ходимларга нисбатан етарлича эътиборда бўлмаганлиги сабабли муассасанинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари З.Ф., бош тарбиячи Ҳ.А. ва тунги энага Г.Т. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган. Боланинг онаси билан ўтказилган суҳбатда С.И. 5 йилдан буён ушбу мактабда ўқиётганлигини, ушбу ҳолат тасодифан бўлганлигини, мактаб раҳбарияти ва ўқитувчиларига ҳеч қандай эътирози йўқлигини айтган.

***

Жорий йилнинг январь ойи дастлабки кунлари Иштихон туманидаги 3-умумтаълим мактабида ўқитувчи ўқувчини иккинчи қаватдан итариб борганлиги билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда турли маълумотлар тарқалди. Ушбу ҳолат засидан тегишли тартибда олиб борилган ишлар юзасидан 2020 йил 13 январь санаси билан Иштихон туман ИИБнинг “Жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида”ги қарори тасдиқланган.

Унда таъкидланганидек, Иштихон туманидаги 3-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Суҳроб Қаршибоевнинг отаси Дилшод Пирназаровнинг 2020 йил 3 январда шу мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Адҳам Рўзиевнинг ўғлига тан жароҳати етказиб, уни мактаб биносининг иккинчи қаватидаги деразадан итариб юборганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Иштихон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси, капитан Ф. Носиров терговга қадар суриштирув ишлари олиб борган ҳамда Иштихон туман Суд-тиббий экспертиза бўлимининг эксперти Ҳасан Абдумўминовнинг хулосалари ўрганилган. Суҳроб Қаршибоевдан отаси Дилшод Пирназаровнинг иштирокида видео тасвир орқали тушунтириш хати олинганда ўқувчи қариндошларига дастлаб директор ўринбосари Адҳам Рўзиевнинг иккинчи қават деразасидан итариб юборганлиги тўғрисида ёлғон маълумот берганлиги, аслида Адҳам Рўзиевдан танбеҳ эшитмаслик учун ўзини пастга ташлаганлигини таъкидлаган. Айни пайтда Адҳам Рўзиевдан даъвойи йўқлигини маълум қилган.

Терговга қадар текширув ишлари давомида ҳолат бўйича гувоҳлар Зиёда Ғофурова, Шоҳида Ўтаева, Малика Самадова, Хумора Шамсиеваларнинг тушунтириш хатлари, Адҳам Рўзиевнинг кўрсатмалари асосида тўпланган ҳужжатларга кўра, Адҳам Рўзиевнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли жиноят ишини рад этиш бўйича қарор қабул қилинган.

Бундай ҳолатларни такрорланмаслиги, ўқитувчиларнинг ўз касбига масъулият билан ёндашишлари бўйича барча саъй-ҳаракатларни амалга оширяпмиз.

***

Бугун ҳурматли вилоят ҳокимимиз Э.Турдимов раҳбарлигида ўтказилаётган сайёр қабуллар, аҳоли мурожаатлари ва шикоятларининг асосий мазмуни умумтаълим мактабларининг таъмирталаб аҳволда эканлиги, синфхоналар етишмаслиги билан боғлиқ. Ҳақиқатдан ҳам бу борада камчиликлар бор ва бу барчага аён.

2019 йилнинг 26 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2020-2022 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб” талаблари асосида янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг асосий параметрлари тасдиқланди.

Хусусан, 2020 йилда Самарқанд вилоятидаги 16 та умумий ўрта таълим мактабида реконструкция, 5 тасида мукаммал таъмирлаш, 2021 йилда 31 та, 2022 йилда эса 30 та, жами 82 та умумий ўрта таълим мактабида реконструкция ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланди.

Туман ва шаҳарлар кесимида олиб қараганимизда 2020-2021 йилларда Самарқанд ва Жомбой туманларида биттадан, Тойлоқ, Иштихон ва Нарпай туманларида иккитадан, Нуробод ва Пахтачи туманларида тўрттадан, Ургут ва Каттақўрғон туманларида олтитадан мактаблар, шунингдек, Қўшработ туманидаги 3 та, Самарқанд шаҳридаги 8 та, Пайариқ туманидаги 9 та, Пастдарғом туманидаги 12 та ҳамда Оқдарё туманидаги 16 та мактабларда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Қарорда назарда тутилмаган умумий ўрта таълим мактабларини Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Замонавий мактаб” талаблари асосида комплекс ривожлантиришни амалиётга татбиқ этиш учун халқаро молия институтлари кредит ва грантлари жалб этилади. Умумтаълим муассасаларини замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультмедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилиб, янги меъёрлар қўлланилади.

“Замонавий мактаб”ларнинг дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ва бошқа адабиётлар билан таъминланганлигига, ўқув-тарбия жараёни, ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишига ҳамда дарсдан ташқари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда раҳбар ва педагог ходимларига қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилади. Шунингдек, жорий йил давомида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида жами 28 та умумтаълим мактабларида таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Тинимсиз изланиш, доимий ҳаракат ва касбга садоқат билан ушбу муаммоларни биргаликда ҳал этишимиз мумкин.

Энди рухсатларингиз билан, бевосита савол-жавобларга ўтсак.


Охирги ўзгариш вақти: 13/02/2020 09:18;   Кўрилганлиги: 69
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/speeches/samarqand-viloyati-xalq-talimi-boshqarmasi-boshligi-saidahmad-saydullaevich-usmonovning-tizimda-amalga-oshirilayotgan-ishlar-mavjud-muammo-va-kamchiliklar-2020-yildagi-istiqbolli-vazifalarga-bagishlangan-matbuot-anjumanidagi-maruzasi
Чоп этилган вақт: 28/02/2020 00:30
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг