Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Таълим-тарбия сифатини таъминлаш бош вазифамиз

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Юлдашевнинг маърузаси

Ассалому алайкум, азиз устозлар!

Қадрли конференция иштирокчилари!

Мамлакатимиз таянчи бўлган ёшларимизнинг соғлом ва баркамол, буюк аждодларимизга муносиб бўлиб вояга етиши, илм-фан сирларини, замонавий билимларини чуқур эгаллаши учун барча шароитлар яратилган.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2017 йилниннг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб белгиланишида ҳам биз муаллимларга фарзандлар тарбиясида янада кўпроқ ота-оналар билан мулоқатда бўлиш, уларнинг фарзандларини ўзлари истагандек тарбияли ва илмли қилиб таълим беришдек масъулиятли вазифа  қўйилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта  устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”нинг 4-Ижтимоий соҳани ривожлантиришннинг устувор йўналишлари бўлимида бизнинг вазифамиз янада аниқ ва мақсадли кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2707-сонли,  Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисида низом тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сонли, 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 187-сонли, 2017 йил 19 июлдаги “Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 528-сонли қарорлари “Ҳаракатлар стратегияси”нинг халқ таълими тизими йўналиши бўйича туб ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлди.

Дарҳақиқат, бу йилги Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон! шиори остида ўтказилаётган анжуманимиз Давлат мустақиллигимизнинг 26 йиллигига яқин  қолган кунлар ва Халқаро мусиқа фестивали бошланиши  арафасида ўтмоқда. Бу бизнинг бугунги ишимизга  кўтаринки кайфият ва ўзгача шижоат бағишлайди.

Ҳақиқатан ҳам бугун вилоят халқ таълими тизимида ўтган ўқув йилида  олиб борилган ишларни сарҳисоб қилиш, эришган ютуқ ва муваффақиятларимиз билан фахрланиш ҳиссини туйиш билан биргаликда йўл қўйилган хато-камчиликларни танқидий таҳлил қилиб, янги ўқув йилида бор имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда уларни бартараф этиш чораларини кўриш, мумкин қадар муаммоларнинг ечимини топиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олиш асосий мақсадимиздир.

Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфида жами 1789 та таълим муассасалари, шундан 1218 та умумтаълим мактаблари, 551 та мактабгача таълим муассасалари, 17 та “Баркамол авлод” болалар марказлари,  3 та Меҳрибонлик уйлари ҳамда 1 та вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолият кўрсатади. Бу анчагина катта контингент, аммо бизнинг ҳамкасбларимизнинг барчаси зиёлилар бўлиб, соҳага садоқат билан ёндашса, ҳар бир ходим ўз олдига қўйган вазифани виждонан бажарса, хато-камчиликлар камайиб, натижаларимиз эса шунга яраша бўлади.

Жорий йилда давлат дастури асосида 1 та мактаб янги қурилаётган бўлса, 66 та мактаб ва 28 та МТМ капитал реконструкция, 11 та мактаб ва 4 та МТМ эса капитал таъмирланмоқда.

Маҳаллий бюджет ҳисобидан эса 4 та МТМ мукаммал таъмир, 70 та мактаб ва 42 та МТМларда жорий таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Вилоят бўйича бир йилда жами 226та умумтаълим муассасаларида 101млр. 800млн. сўмлик қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигини инобатга олсак, бундан олдинги йилларга нисбатан жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Буни албатта раҳбариятимизнинг Самарқанд халқ таълими тизимига ғамхўрлиги деб биламиз. Биз шунга муносиб бўлиб,ўз иш услубимизни тубдан ўзгартириб, ёш авлодга сифатли таълим беришни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.

        Ўтган ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган иш режа, соҳалар бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури, қарор ва буйруқлар асосида вилоятимиз халқ таълими тизимида ҳам бир қатор ютуқларга эришилди.

        Жумладан, фидокорона меҳнатлари, халқ таълими соҳасидаги ютуқлари учун тажрибали ўқитувчи ва мураббийларимиздан 2016-2017 ўқув йилида 7 нафари давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирландилар.

       Ўқувчи-ёшларнинг ижодий салоҳиятларини, ватанпарварлик туйғуларини ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ривожлантириш, улар қалбида ёт ғоя таъсирларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш, мустақил ва эркин фикрловчи, қатъий эътиқодга эга бўлган юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли, мустақиллик тамойилларига содиқ, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида турли тадбирлар ва кўрик-танловлар ташкил этилди.  

       Ушбу тадбир ва танловларда вилоятимиз ўқувчилари ҳам фаол қатнашиб, фахрли ўринларни эгалладилар.

         Жумладан, ўтган 2016-2017 ўқув йилида Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дилдора Ўроқованинг таълим соҳасида эришган ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлганлиги фахр билан қайд этилди. 

        Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат” номли бадиий ва ижодий ишлар танловининг республика босқичида расмлар йўналиши бўйича Самарқанд шаҳридаги 55-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Чеҳрона Ўтаева 1-ўринни, шеърлар йўналиши бўйича Самарқанд шаҳридаги 13-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Гулнигор Яздонқулова 2-ўринни, иншолар йўналиши бўйича Самарқанд шаҳридаги 24-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Акобир Мажидов 3-ўринни, “Ўзбекистон–жаннатмакон юртим” мавзусидаги он-лайн иншолар танловининг республика босқичида Самарқанд туманидаги  4-умумтаълим мактаби ўқувчиси Маржона Рўзиева 2-ўринни;

Ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга йўналтирилган “Ҳуқуқ билимдонлари” танловининг республика босқичида Самарқанд шаҳрининг “Фемида” жамоаси 2-ўринни, “Солиқ билимлари – болаларга”  танловининг республика босқичида Самарқанд шаҳридаги 51-ИДУМ жамоаси 3-ўринни қўлга киритганлигини ҳам алоҳида қайд этмоқчимиз.

2016-2017 ўқув йилида ўтказилган умумтаълим фанлари олимпиадасида 86 нафар ўқувчи Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг сертификатларини олишга мушарраф бўлди ҳамда академик лицей ва касб ҳунар коллежларига имтиёзли йўлланмалар берилди.

Халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган фан ўқитувчилари орасидан илғор, ижодкор, компетентли, ташаббускор, фидойи ўқитувчиларни аниқлаш, самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш ва уларнинг иш фаолиятини кенг оммага етказиш мақсадида ташкил этилган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”кўрик-танловининг республика босқичида Самарқанд шаҳридаги 1-ИДУМнинг миллий истиқлол ғояси фани ўқитувчиси Дилрабо Ўринова  3-ўринни;

“Йил психологи” кўрик танловининг республика босқичида Оқдарё тумани 1-мактаб психологи Шаҳло Латипова 1-ўринни;

“Китобхон мактаб” танловининг республика босқичида Самарқанд туманидаги 16-умумтаълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Зарина Олимова фахрли 1-ўринни;

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Самарқанд вилояти жамоаси “Китобхон мактаб” кўрик-танловининг республика босқичида тўртинчи маротаба ғолибликни қўлга киритди.

   Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши дарс ишланмаси” он-лайн кўрик-танловининг республика босқичида Иштихон туманидаги 1-ИДУМ она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Феруза Тоғаева фахрли 1-ўринни;

Каттақўрғон шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ўзбек тили фани ўқитувчиси Лола Исмоилова 2-ўринни ва Самарқанд шаҳридаги 51-ИДУМ ўзбек тили фани ўқитувчиси Нигора Амонова 3-ўринни;

          Шунингдек, “Энг обод таълим муассасаси-2017” кўрик-танловининг вилоят босқичида Жомбой туманидаги 7-умумтаълим мактаби 1-ўринни, Самарқанд шаҳридаги 9-умумтаълим мактаби 2-ўринни, Тайлоқ туманидаги 14-умумтаълим мактаби ва Самарқанд туманидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 3-ўринни;

         “Энг обод мактабгача таълим муассасаси-2017”  кўрик-танловининг вилоят босқичида Самарқанд шаҳридаги 84-мактабгача таълим муассасаси 1-ўринни; Жомбой туманидаги 16-мактабгача таълим муассасаси 2-ўринни, Самарқанд туманидаги 24-мактабгача таълим муассасаси 3-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш учун йўлланма олганлиги ҳаммамиз учун қадрли. Ушбу ҳамкасбларимиздан барчамиз минннатдормиз.

         Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Бугун бизнинг орамизда давлат маблағини талон-тарож қиладиган раҳбарлар бўлмаслиги лозим. Бу ҳолатларга кўз юмган мудирларга ҳам энди қонуний чора кўрилиши муқаррар. Айни вақтда Муҳтарам Президентимиз такрор ва такрор таъкидлаганларидек “Ҳар ким ўз аравасини тортиш вақти келди. Аравани торта олмаган сафимиздан чиқиб қолиши аниқ”.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Бугунги кунга келиб, барча турдаги таълим муассасаларида янги ўқув йили ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунланмоқда.

Жорий таъмирлаш режалаштирилган 70 та мактаблардан 54 таси (77,1%), 42 та мактабгача таълим муассасасидан 31 таси (73,8%), 1860 м2 дераза ойналари тўлиқ (100 %) алмаштирилди ва ажратилган 22,830 минг тонна кўмир ёқилғисидан 5,190 минг тонна (23,0%) таълим муассасаларига етказилди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.

2017-2018 ўқув йилида жами 584565 нафар 1-10 синф ўқувчиларига 4073436 дона дарсликлар ва ўқув методик қўлланмаларга буюртмалар берилган ва ўқувчилар тўлиқ дарсликлар билан таъминланади.

“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрами”га тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча мактабларда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” номли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва шиорлар илинган.  

10-синфлар ташкил этилиши муносабати билан шу синфларда дарс бериши кутилаётган 15489 нафар фан ўқитувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ўқитиш мақсадида вилоят малака ошириш институти қошида 539 нафар тренер-ўқитувчилар учун “Қисқа муддатли курс”лар ташкил этилиб, улар тўлиқ ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминланди.

 2017 йилнинг 20 августига қадар ушбу ўқувлар якунланиб, янги ўқув йили учун иш режалар тасдиқланиши ва 29-31 август кунлари пед кенгашлар ўтказилиши режалаштирилган.

Барча умумтаълим мактабларга “Мустақиллик дарслари”, “Эрталабки сафланиш”, “Тарбиявий соат” ва “Очиқ дарс”ларни ўтказиш юзасидан тавсияномалар ҳамда таълим муассасаларида “Мустақиллик байрамини ташкил этиш ва ўтказиш” бўйича ишлаб чиқилган намунавий сценарийлар жойларга етказилган.

2016-2017 ўқув йили якуни ва 9-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичи билан қамраб олиш ишлари:

2016-2017 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синфини 55340 нафар  ўқувчи битирди.

Ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида ўтказилган суҳбатлар натижаларига кўра, уларнинг 39142 нафари (70,7%) умумтаълим мактабларининг 10-синфида, 1165 (2,1%) нафари академик лицейларда, 15000 (27,1%) нафари касб-ҳунар коллежларида ўқишини давом эттириш истагини билдиришди.

Шу мақсадда ўқувчилар хоҳишига кўра 1110 та мактабда 1573 та 10-синфлар ташкил этилди.Ушбу мактабларнинг моддий техник базаси қайта инвентаризация қилиниб, тегишли хулосалар Ўзбекистон Республика халқ таълими вазирлигига тақдим этилди. Ҳафтасига 8 соатлик ўқув ишлаб чиқариш амалиётларини касб-ҳунар коллежлари базаси ва умумтаълим мактабларидаги “Ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари”да ташкил этиш ортиқча сарф-харажатни олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш учун замин бўлиши инобатга олинди.

Янги ўқув йилидан бошлаб “Маҳалла” ва Ички ишлар бўлимлари билан янгича тизим яратилиб, ўзаро ҳамкорликнинг янада кучайтирилганлиги айни муддао бўлди. Ўйлайманки, бу ҳамкорлик ўзининг катта ижобий натижасини беради.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ўтган ўқув йили якунларига кўра мактабларда 1 ставка ҳисобидан 532 нафар педагогга эхтиёж мавжуд бўлган. Таҳлил қиладиган бўлсак ушбу эҳтиёжнинг асосий қисми  тарих, география, кимё, математика, физика, информатика, инглиз тили ва бошқа фан ўқитувчиларига тўғри келади.

Бошқарма ва туман, шаҳарлар халқ таълими бўлимлари ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари томонидан  жорий йилнинг апрел-май ойларида педагогик йўналишдаги олий ўқув юртларини тугатаётган 1013 нафар ёш мутахассислар билан шартномалар имзоланган.

Янги иш ўринларини яратиш мақсадида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига қарашли  таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимларни фақат мутахассислиги бўйича ишлашга рухсат бериш ва тарификациядан ўтказиш жараёнида иш юкламаси 1 ставкадан ошмаслиги қатъий белгилаб берилди ва буниннг натижасида ҳам салмоқли иш ўринлари яратилади.

2017 йилда Самарқанд давлат университети,  Самарқанд давлат чет тиллари институти, Жаҳон тиллари университети, Навоий давлат педагогика институти, Ўзбекистон Миллий университети ва Жиззах давлат педагогика институтларини 2 мингдан зиёд ёш мутахассислар тугатаётганлиги сабабли уларни Нарпай,  Пайариқ, Каттақўрғон, Нуробод, Пастдарғом, Булунғур, Пахтачи туманларидаги таълим муассасаларига ишга жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Азиз анжуман қатнашчилари, барчангиз худа яхши биласиз, халқ талими фаолияти самарадорлигининг энг асосий мезонларидан бири бу республика  “Билимлар беллашуви” натижаси ҳисобланади.

2016-2017 ўқув йилида  туман, шаҳарларда “Билимлар беллашуви” Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил  16 январдаги “Педагогик жамоалар ва ҳудудий Халқ таълими бошқаруви идораларининг таълим муассасалари ва ҳудудий Халқ таълими бошқарув идоралари рейтингини аниқлаш ҳамда умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувини ташкил этиш тўғрисида”ги 13-сонли буйруғи  асосида ўтказилди.

“Билимлар беллашуви”нинг вилоят учинчи босқичи жорий йилнинг 28-29 апрел кунлари Самарқанд шаҳридаги 45-умумтаълим мактабида Низомда белгиланган талаблар асосида холисона ва адолатли ўтди.

Беллашувда жами  427 нафар ўқувчилар қатнашиб, 28 нафар иқтидорли ўқувчилар саралаб олиниб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Якуний натижаларга кўра, ғолиблар қуйидагича аниқланди;

Самарқанд шаҳри 12та, Иштихон тумани 10та, Пастдарғом ва Каттақўрғон туманлари 9 тадан, Каттақўрғон шаҳри  8 та, Оқдарё  ва Жомбой  туманлари 7тадан, Нарпай тумани 6та, Булунғур ва Нуробод  туманлари 5тадан, Ургут  ва  Пайариқ туманлари 4тадан, Тайлоқ,  Самарқанд,  Қўшработ ва Пахтачи туманлари 1тадансовринли ўринларни қўлга киритдилар.

Вилоят миқёсида ўтказилган мазкур беллашувда 28 нафар ўқувчи 1-ўрин, 30 нафар ўқувчи 2-ўрин ва 29 нафар ўқувчи 3-ўринни қўлга киритди.

Беллашувда фахрли 1-ўринни эгаллаган 28 нафар ўқувчиларимиз  жорий йилнинг 15-27 июнь кунлари Тошкент вилоятидаги “Қуёшли” оромгоҳида дам олдирилиб, улар Халқ таълими вазирининг  дипломи, кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

2, 3, 4, 5 ўринни эгаллаган ғолиб ўқувчилар Ургутдаги “Чор чинор”  оромгоҳида дам олдирилди.

Туман-шаҳарлар рейтинги:

Комплекс параметрлар асосида туман ва шаҳарларнинг рейтинг ўринлари 26 та мезонлар асосида белгилаб чиқилди. Таълим сифатининг комплекс кўрсатгичлари сифатида умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашуви, таълим сифати мониторинги, фан олимпиадасининг вилоят босқичи натижалари, таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш режасини бажарилиши, инглиз тили билимдонлари, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши мактаб директори”, “Энг яхши мактаб веб-сайти”, “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти”, “Йилнинг энг яхши тарбиячиси”, “Энг обод таълим муассасаси”, “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловлари натижалари асос қилиб олинган.

Ўтган ўқув йилида  барча кўрсаткичлар бўйича Самарқанд шаҳар 1-, (ўтган йилда 1-ўринни), Иштихон  тумани 2-, (ўтган йилда 5-ўринни), Самарқанд тумани  3- (ўтган йилда 6-ўринни) ўринни эгаллаган.

Нарпай тумани ўтган йилда 10-ўринда бўлган бўлса, 2016-2017 ўқув йилида 16 ўринга тушган.   

Бу масалани биз йил якуни бўйича Ҳайъат йиғилишида муҳокама этиб, тегишли чораларни қўллаганмиз ва туман шаҳарлар кесимида ҳам ҳар бир таълим муассасасининг рейтинги аниқланган.  

Фан олимпиадасинингвилоят босқичида 461 нафар ғолиб ўқувчи иштирок этди. 3-босқич фан олимпиадасида жами 86 нафар ўқувчи,булар:  Самарқанд шаҳар 19 нафар, Тайлоқ тумани 4 нафар,Каттақўрғон, Пастдарғом туманлари 9нафардан,  Каттақўрғон шаҳри 7 нафар, Иштихон тумани 6 нафар, Ургут тумани 3 нафар, Самарқанд, Нарпай, Оқдарё  туманлари 5 нафардан, Жомбой, Пахтачи, Булунғур, Қўшработ туманлари  2 нафардан, Нуробод тумани 1 нафардан ўқувчи совринли ўринларни эгаллаб,  юқори натижаларни қўлга киритишди.

Йилнинг энг яхши фан ўқитувчисикўрик-танловининг туман  босқичида 15 та фандан 29549 нафар ўқитувчи иштирок этиб, улардан 25 нафари совринли ўринларни эгаллаган.

  Янги ўқув йилининг ҳар чорагида фанлар кесимида назорат (ёзма) ишлар олиб борилиши режалаштирилмоқда. Бунда ўқитувчининг саводхонлиги, ҳуснихатига ҳам эътибор қаратилиши белгилаб қўйилган. Турли ахборот хуружлари авж олаётган, ўқувчининг дунёни англашга бўлган қизиқиши тобора ошиб бораётган даврда ўқитувчи замон талабларига мос бўлмаса, ўз билим салоҳияти устида ишламаса, ДТСларини ўқувчи онгига сингдира олмаса, ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланмаса ўқитувчи сифатида ўз ўрнини топа олмайди.

Дарсликлар таъминоти:

2017-2018 ўқув йили учун жами 4 073 634дона дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларнинг умумтаълим мактаблари кесимидаги тақсимоти амалга оширилди.

Жумладан, таълим ўзбек, рус ва тожик тилларида 1-, 4-, 6-, 7-синф дарсликларига тўлиқ тўпламда ва 3-, 4-, 5-синфларга чет тили дарсликларига жами 3 079 383 дона, 2-, 3-, 4-синфларга жами 979 073 дона иш дафтарлари, 1-, 4-, 6-, 7-синф ўқитувчилари учун жами 14 012 дона методик қўлланмалари (мултимедиа иловали), махсус мактаб интернатлари учун жами 1 166 дона махсус дарсликлар ҳамда брайл дарсликлари ташкил этади.

Маънавий-маърифий ишлар натижадорлиги.

Ўқувчиларнинг бўш вақтини кўнгилли ташкил этиш бўйича: вилоят умумтаълим мактабларидаги 526 899 нафар ўқувчиларнинг 175991нафари мактаблардаги фан тўгаракларига, 18270 нафари қизиқишлари бўйича мактаблардаги ижодий ва касбга йўналтирувчи тўгаракларга, 131624 нафари мактаблардаги спорт тўгаракларига, 11307нафари БАБМлардаги тўгаракларга, 31222 нафари БЎСМга, 6448нафари БМСМга, 20150 нафари маҳаллаларда ташкил этилган уста-шогирд йўналишидаги тўгаракларга жалб қилинган. Бу эса жами ўқувчиларнинг 70,3%ни ташкил этади.

Вилоятдаги туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари тасарруфида 17 та «Баркамол авлод» болалар марказларида жами 519 нафар педагоглардан 129 нафари (25%) олий, 389 нафари (75%) ўрта-махсус маълумотга эга. Марказларда 447 та тўгаракларга 11307 нафар ўқувчилар қамраб олинган.

Уларда асосий 4 та йўналиш мавжуд бўлиб, улар бадиий ижодиёт йўналиши (6676 нафар ўқувчилар қамраб олинган), техника йўналиши (2097 нафар ўқувчилар қамраб олинган), экология ва ўлкашунослик йўналиши (1854 нафар ўқувчилар қамраб олинган) ва чет тили йўналиши (680 нафар ўқувчилар қамраб олинган)дан иборат.

Вилоятда 17 та ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари қошида 120 та ахборот-ресурс марказлари мавжуд.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида 1088 та кутубхоналар фаолият кўрсатмоқда. Ахборот-ресурс маркази ва мактаб кутубхоналарида 1519 нафар ходимлар ишлаб келмоқда. Жами китоб фонди 1689056 тани ташкил этиб, шундан, 589053 таси ахборот-ресурс марказларида, 1100003 таси мактаб кутубхоналарига тўғри келади.

Ахборот-кутубхона муассасаларининг фойдаланувчилари сони 808205 нафарни ташкил этади. Шундан, 647445 нафари 16 ёшгача, 93678 нафари 16 ёшдан юқорилардир.

“Оила, маҳалла, таълим муассасаси” ҳамкорлиги асосида “Ота-оналарнинг фарзанд олдидаги масъулиятини ошириш”, “Ўқувчиларни турли диний оқимлар таъсиридан сақлаш ва улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятчиликни олдини олиш”, “Беҳаёлик, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этилишининг олдини олиш”, “Ўз жонига қасд ва суиқасд қилишни олдини олиш” бўйича 2017 йилнинг 6 ойи давомида 8100 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди.

Ўқувчиларни дарсларни ташлаб масжидларга “Жума намози”ни ўқиш учун чиқиб кетишларини олдини олиш мақсадида, ҳафтанинг ҳар жума кунлари маҳалла раислари, имом хатиблари, ИИБ вакиллари иштирокида ҳудудлардаги масжидларда 14 маротаба рейдлар ўтказилди.

ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ҳафтанинг ҳар жума кунлари “Профилактика куни” тадбирлари ўтказилмоқда.

 Келгусида  ҳар хил нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир болага ўз фарзандимиздек муносабатда бўлиб, таълим –тарбия беришимиз шарт деб ҳисоблайман.

Мактабгача таълим муассасалари фаолияти:

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари юқорида таъкидланганидек ҳозирги кунда вилоятда 551 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, шундан 6 та махсус ва 11 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларидир.

Мактабгача таълим муассасаларида 4768 нафар педагог ходимлар фаолият кўрсатишади. Мудираларнинг барчаси олий маълумотли. 3259 нафар тарбиячилардан эса1027 нафари олий, 2232  нафари ўрта махсус маълумотли. 

 Вилоятда 2-7 ёшли болалар сони 285077 нафарни ташкил этади. Мактабгача таълим муассасаларининг қуввати 65112 нафар болаларга мўлжалланган бўлиб, 71055 нафар(24,6%) болалар қамраб олинган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2707-сонли қарорига асосан 2017-2021 йилларда  вилоятда 281(50,9%)та мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш,  жумладан, 7 та 740 ўринли янги МТМ бинолари қуриш, 251 та 24590 ўринли МТМларни реконструкция қилиш, 23 та 3710 ўринли МТМ биноларини капитал таъмирлаш ва уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

2017-2021 йилларда қисқа муддатли гуруҳлар тармоғини кенгайтириш орқали қамров фоизини ошириш мақсадида ҳар йили 84 та МТМларда 4200 нафардан болаларни қисқа муддатли гуруҳларга жалб этиш режалаштирилиб, 2021 йилда МТМларга жами 115323 нафар болалар жалб қилиниши орқали қамров фоизини 40 фоизга оширилади.

Бугунги кунда 84 та мактабгача таълим муассасасида 156 та қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиб  3820 нафар болалар  қамраб олинган.

 Таълимда глобал ҳамкорлик ташкилоти гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Мактабгача ва умумий ўрта таълимни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 84 та мактабгача таълим муассасалари 24 номдаги зарур мебель жиҳозлари, ўқув-методик материаллар ва ресурслар билан таъминланган. Бугунги кунда етказиб берилган жиҳозлар ўрнатилган тартибда жойлаштирилиб, 156 та қисқа муддатли гуруҳларда улардан самарали фойдаланилмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларида жами 413 та кичик кутубхоналар ташкил этилиб, 1894 та  бадиий адабиётлар, 2525 дона эртак китоблар ва  938 дона ўқув қўлланмалар билан таъминланган.

             Фуқаролар мурожаати ва ижро интизоми аҳволи:

Ҳурматли ҳамкасблар, анжуман қатнашчилари,

Муҳтарам Президентимиз бугун ҳар биримизнинг олдимизга ўз фаолиятимизни  танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом, шахсий масъулият ва жавобгарлик ҳиссини тўлиқ англаб, унга кундалик фаолиятимизда тўлиқ риоя этиб, ташкил этишни тўғри ва қатъий талаб қилмоқда. Вилоят раҳбарияти эса фуқаролар мурожаати билан ҳар куни, узлуксиз ишламоқда.

            Янги 2017-2018 ўқув йили олдидан ўзимизнинг устувор вазифаларимизни белгилаб олишимиз керак.

“Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” ижросини тўлиқ таъминлаш, ўқиш жараёнида “Дарс-муқаддас”, “Ўрган –ўргат”, “Устоз-шогирд”, “Мураккаб фан ўрганаман”, “Соғлом муҳит –соғлом жамоа”, “Узлуксиз ва узвий”, “Маҳорат мактаблари”, “Узлуксиз методик ёрдам”  тадбирлари асосида таълим муассасаларида ишларни ташкил этиш мақсадида асосий устувор вазифалар;

  1. Ўқитувчиларнинг малакасини улар эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этиш.
  2. Методик ёрдам фаолиятини такомиллаштириш, ўқитувчиларда аниқланган бўшлиқларни тўлдириш чораларини кўриш.
  3. Фанлар кесимида ўтказиладиган фан олимпиадалари ва “Билимлар беллашуви” мусобакаларини холисона ва ошкора ўтказилишини таъминлаш.
  4. Вояга етмаганлар ўртасида ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида тарбияси оғир, кам таъминланган оила фарзандлари, нотинч оила болаларига кўпроқ эътиборни қаратиш ва улар тарбияси билан жиддий шуғулланиш.
  5. Таълим муассасаларида “Ёшлар етакчиси” фаолиятини бор куч ва шижоат билан ишлайдиган ходим билан таъминлаш.
  6. Туман (шаҳар)ларда айрим фанлар чуқур ўқитиладиган синфлар сонини кўпайтириш, уларга дарс берадиган ўқитувчи салоҳиятини оширишга қаратиш.
  7. Республика, вилоят кесимида ўтказиладиган турли танловлар, пед ўқишларда фаол иштирок этиш,  фанларга оид журналларда ўқитувчиларнинг ўз иш услуби билан иштирокини таъминлаш..
  8. Таълим муассасаларида дарс бераётган ўқитувчиларнинг шахсга қаратилган таълимни эстетик дид билан бойитилган фаолиятини ташкил этиш.
  9. 2017-2021 йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш.
  10. Ўқув режа асосида дарсларни тақсимлаш ва ўқитилиши мониторингини олиб бориш.
  11. Таълим муассасаларида Васийлик Кенгаши фаолиятини Низом асосида юритиш.
  12. Таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши курашиш, турли баҳоналар билан сабабсиз пул йиғилиши олдини олиш.
  13. 1-10 синфлар учун мўлжалланган ДТСларининг ўқувчилар онгига

  сингдирилишига эришиш.

         Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Бугунги анжуманимизда ўтган ўқув йилида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар тўғрисида тўхталдик.  Келгусида ҳар биримиз баркамол авлод таълим-тарбияси йўлидаги фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, аниқ вазифаларни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйишимиз ва уни амалга оширишимиз лозим.   

 Машаққатли ва масъулиятли касбингизга зафарлар тилаб, 2017-2018 ўқув йилидаги вазифалар, маърифат ва маънавият йўлидаги ишларингизда  улкан зафарлар тилайман!

Эътиборингиз учун раҳмат.


Киритилган вақти: 30/08/2017 09:47;   Кўрилганлиги: 168
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/speeches/talim-tarbiya-sifatini-taminlash-bosh-vazifamiz
Чоп этилган вақт: 19/08/2019 02:58
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг