Самарқанд вилоят ҳокимлиги
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Умаровнинг 2015 йил 2 июль куни ўтказиладиган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Ассалому алайкум, қадрли анжуман иштирокчилари!

Ҳурматли журналистлар!

Сизлар билан 2014-2015 ўқув йили якунида учрашиб турибмиз. Ҳар йилдагидек бу ўқув йилида ҳам юртимиз фаровонлиги, жамиятимиз равнақи, фарзандлар камолоти, таълим-тарбияси йўлида амалга оширган ҳар бир ишимиз ўз самарасини берди деб ўйлаймиз.

Вилоят Халқ таълими бошқармаси тасарруфида 1210 та умумтаълим мактаблари, 556 та мактабгача таълим муассасалари, 17 та “Баркамол авлод” болалар марказлари, 46 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 26 та Болалар мусиқа ва санъати мактаблари, 3 та Меҳрибонлик уйлари, 10 та махсус мактаб ва мактаб-интернатлари, 1 та вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, 17 та ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари қошида 120 та ахборот-ресурс марказлари фаолият кўрсатиб келмоқда (1-слайд).

Ўтган ўқув йилида вилоят халқ таълими бошқармасининг тасдиқланган иш режаси, соҳалар бўйича ишлаб чиқилган чора – тадбирлар дастурлари, қарор ва буйруқлари асосида халқ таълимида тизимли ишлар олиб борилиб, саъй – ҳаракатлар натижасида соҳалар ва йўналишлар бўйича кўплаб ютуқларга эришилди.

Фидокорона меҳнатлари, таълим соҳасидаги ютуқлари учун бир қатор педагог ходимларимиз 2014 йилда давлат мукофотларига сазовор бўлди. Жумладан, Нарпай тумани 64-мактаб кимё фани ўқитувчиси Бобоева Нигора “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони, Каттақўрғон шаҳри 2-БМСМ директори Суннатов Одил “Дўстлик” ордени, Каттақўрғон тумани 20-мактаб директори Бердиева Зайнаб “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” унвони, Булунгур тумани 15- мактаб математика фани ўқитувчиси Исроилова Лола “Фидокорона хизмати учун” ордени, Каттақўрғон шаҳри 11- мактаб физика фани ўқитувчиси Имомова Сайёра “Меҳнат шуҳрати” ордени, Пахтачи тумани 10-мактаб физика фани ўқитувчиси Бердиев Ахмад, Нарпай тумани 33-мактаб инглиз тили ўқитувчиси Бобожонова Наргиза, Тайлоқ тумани 53 – мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Муминова Лола, Иштихон тумани 51 – мактаб математика фани ўқитувчиси Тожиев Рахмонлар “Шухрат” медали билан тақдирланганлиги юқоридаги фикримизнинг тасдиғидир (2-слайд).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ -1875-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда чет тили ўқитувчилари салоҳияти алоҳида аҳамият касб этиши боис, мутахассис кадрларнинг касбий маҳорати ва тажрибасини янада яхшилаш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан 2015 йил май ойида инглиз тили фанидан ўтказилган «Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси» республика кўрик-танловида Самарқанд шаҳридаги 1-сонли ИДУМ ўқитувчиси Мавлуда Вафоева энг юқори балл тўплаб, Буюк Британия давлатига бориш учун йўлланмани қўлга киритди (3-слайд).

Ўтган ўқув йили давомида таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада фаолроқ жорий этиш, дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Халқ таълими вазирлиги томонидан 2015 йилнинг 23-25 апрель кунлари Фарғона шаҳрида ўтказилган “Энг яхши электрон ахборот – таълим ресурси” кўрик-танловнинг республика босқичида Самарқанд шаҳри 11-умумтаълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси Зилола Рустамова фахрли 2-ўринни эгаллади (4-слайд).

Таълим муассасалари раҳбарлари, ўқитувчилар, тарбиячилар ва мураббийларнинг меҳнати самарасини ўқувчиларимизнинг нафақат вилоят, балки республика ва ҳалқаро миқёсдаги мусобақа ва танловлардаги ютуқларида кўришимиз мумкин.

Сўнгги йилларда Халқ таълими вазирлиги томонидан 5-8 синфларнинг иқтидорли ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган республика миқёсидаги билимлар беллашувида вилоятимиз ўқувчилари ўз иқтидорини муносиб намойиш қилиб келмоқдалар. Жумладан, мазкур ўқув йилида 16 та фандан ўтказилган билимлар беллашувида вилоятимиз жамоаси 10 та совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди. Ушбу кўрсаткичларни қўлга киритишда Жомбой, Пайариқ, Иштихон, Булунғур, Пастдарғом туманлари, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари умумтаълим мактаблари ўқувчилари муносиб ҳиссаларини қўшдилар (5-слайд).

2013-2014 ўқув йилида Республика билимлар беллашувининг саралаш босқичида математика фанидан ғолибликни қўлга киритиб, Корея давлатининг Теджон шаҳрида ўтказилган Халқаро олимпиадада Булунғур тумани 15- мактаб ўқувчиси Саидқулов Сардор 2- ўринни эгаллаган бўлса, мазкур ўқув йилида республика саралаш босқичида Каттақўрғон шаҳри 17- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8- синф ўқувчиси Тўраев Жаҳонгир 2015 йил 27 июль- 1 август кунлари математика фанидан Хитой Халқ Республикасиниинг Чанчунь шаҳрида ўтказиладиган Халқаро мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди (6-слайд).

Фидойи ўқитувчиларимиз ва иқтидорли ўқувчиларимиз ютуқлари қаторини яна ҳам давом эттирадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов асарларининг ўқувчилар томонидан чуқур ўрганилишини рағбатлантириш, уларда ёритилган миллий аъаналаримиз ва қадриятларимизнинг тикланиши, ўқувчи-ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий билимларини янада ошириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан 2015 йил 15 май куни ўтказилган “Президент асарларини ўрганамиз” кўрик-танловининг республика босқичида Самарқанд шаҳри 60-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Фаҳриев Шаҳбоз 1-ўринни, умумтаълим мактаблари ўқувчиларига солиқлар ва солиқ тўловлари ҳақидаги дастлабки тушунчаларни бериш, солиқларнинг тарихи, моҳияти, тўлаш тартиблари ҳақида бошланғич билимларини шакллантириш мақсадида 2015 йил 1 май куни ўтказилган “Солиқ билимлари - болаларга” кўрик-танловининг республика босқичида Самарқанд шаҳри 51- ИДУМнинг 4- синф ўқувчиси Солиева Диана фахрли 2- ўринни, ўқувчиларни ўзлари яшаётган ҳудуд тарихини ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, билим ва кўникмаларини бойитиш мақсадида “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам” шиори остида “Маҳаллам тарихини ўрганаман” кўрик-танловининг республика босқичида Каттақўрғон шаҳри 17-ИДУМнинг 9 - синф ўқувчиси Салохиддинов Умид 1- ўринни қўлга киритганлиги вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишларнинг маҳсули деб биламиз (7-слайд).

Ўқувчи – ёшларимизга таълим бериш билан бирга уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш, миллий ғояларимиз асосида тарбиялаш, жисмоний ривожланиши ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига ҳам алоҳида эътибор билан қараб келинмоқда. 2014-2015 ўқув йилида умумтаълим мактабларида 527130 нафар ўқувчилар таълим - тарбия олиб, уларнинг 237418 нафари (63%) мактаблардаги фан ва ижодий тўгараклар, спорт секциялари, 7836 нафари «Баркамол авлод» болалар марказларидаги тўгараклар, 49498 нафари Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига, 4407 нафари Болалар мусиқа ва санъат мактабларига, 20150 нафари маҳаллаларда ташкил этилган уста - шогирд йўналишидаги тўгаракларга, “Камалак” болалар ташкилоти томонидан ташкил этилган тўгаракларга 12585 нафар ўқувчилар жалб қилинган (8-слайд).

Мактабдан ташқари таълим муассасаларида яратилган замонавий шароитлар, амалга оширилаётган чора – тадбирлар ҳам бесамар кетмаяпти.

Вилоятимизда фаолият юритаётган 17 та “Баркамол авлод” болалар марказлари тўгаракларига ҳамда вилоят ахборот – ресурс марказига аъзо бўлган ўқувчиларнинг эришаётган ютуқлари ҳам қувонарли бўлмоқда. Жумладан, Халқ таълими вазирлиги томонидан 2015 йил июн ойида ўтказилган “Китобхон мактаб” кўрик-танловнинг республика босқичида Самарқанд шаҳри 13-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Наима Мирзаева 1-ўринни эгаллади (9-слайд).

Ўтган ўқув йили давомида турли кўрик-танлов ва фестивалларнинг республика босқичида Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг 39 нафар иқтидорли ўқувчилари ғолибликни қўлга киритган бўлса, 21нафари Озарбайжон, Руминия, Туркманистон, Россия, Беларуссия, Латвия каби давлатларда бўлиб ўтган Халқаро кўрик-танлов ва фестивалларда ғолибликка эришди (10-слайд).

Энг қувонарлиси, ушбу ютуқларга нафақат Самарқанд шаҳридаги, балки қишлоқ жойларидаги Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳам салмоқли ҳиссаларини қўшмоқда. 2015 йилнинг 13-16 февраль кунлари Россиянинг Санкт-Петурбург шаҳрида бўлиб ўтган “Окно в Европу” номли Халқаро танловда Ургут тумани ўқувчиси Мамасолиев Акбар, Самарқанд тумани ўқувчиси Қудратова Шахло, Пахтачи тумани ўқувчиси Усмонов Салоҳиддин 3-ўринни ҳамда Оқдарё тумани ўқувчиси Қаноатова Мадина 2-ўринни эгаллаганлиги бунинг мисолидир (10-слайд).

Вилоятимизда болалар спортини, айниқса қизлар спортини ривожлантириш ва чекка ҳудудлардаги ўқувчи – ёшларни спорт турларига кенг қамраб олиш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда.

2014-2015 ўқув йилида вилоятимизнинг иқтидорли спортчи ўқувчи-ёшлари турли республика ва халқаро мусобақаларда муносиб қатнашди. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Умид ниҳоллари -2015” спорт мусобақаларининг саралаш босқичида баскетбол (ўғил), волейбол (қиз, ўғил), қўл тўпи ва бокс турларидан иштирок этиб, республика финал ўйинларида қатнашиш йўлланмаларини қўлга киритдилар.

Вилоят гимнастика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бадиий гимнастикачи қизлари Шамсиева Мафтуна, Иргашева Рухшоналар Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бщлиб, жорий йилда Иргашева Рухшона спорт йўналиши бўйича “Зулфия” давлат мукофоти соҳибаси бўлди.

Бундан ташқари Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг фидойи мураббийларининг машаққатли меҳнати эвазига гимнастикачи қизларимиз Икромова Тахмина АҚШнинг Майями штатида, Александрова Ксения, Ахмедова Асаллар Испания давлатида, Усмонова Нуринисо Франция давлатида ўтказилган Халқаро мусобақаларда 1- ўриннларни эгаллашга муваффақ бўлдилар (11-слайд).

Вилоят шахмат - шашка спорт мактаби тарбияланувчилари Хурсандова Фарида Ҳиндистон давлатида ўтказилган XII-Халқаро Осиё биринчилигида 1- ўрин, Сайдалиев Акобирхон 6 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида Жаҳон чемпионатида 3- ўрин, Алимова Севинч Ўзбекистон биринчилигида 1- ўрин, енгил атлетика бўйича республика биринчилигида   А. Мараховская 1- ўрин, Н.Гасанов 2 -ўрин, М.Аккузиева 2- ўрин, юнон-рум кураши бўйича Украина давлатида ўтказилган Халқаро турнирда Накибов Дониёрхон 1- ўрин, Аҳроров Умид 2- ўрин, бокс бўйича ўтказилган республика мусобақаларида Норқулов Абдулазиз 2- ўрин, Дусматов Охун 1 -ўрин, Шукуруллаев Бахтиёр   2- ўрин, Мавлонов Акобир 1 -ўрин, Тошниёзов Олим ва Набиев Сухроблар 3 - ўринларни эгаллаганлиги бежиз эмас, албатта (11-слайд). Буларнинг барчасининг замирида тинимсиз меҳнат, мураббийларнинг доимий равишда ўз устида ишлаши ва тажрибасини ошириб бориши ва энг асосийси, ўз касбига бўлган масъулияти деб ўйлаймиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

2014-2015 ўқув йилида таълим соҳасида қўлга киритилган ютуқлар ҳамда амалга оширилган ишлар бу билан чекланиб қолмаган, албатта. Ҳали олдимизда бажаришимиз лозим бўлган ишлар кўлами кенг бўлиб, фойдаланмаган имкониятларимиз ҳам мавжуд. Биз шу масалада жорий йилнинг 10 июл куни барча таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида ўтган ўқув йили якунларига бағишланган таҳлилий ҳисобот йиғилишларини ўтказишни режалаштирган бўлиб, йўл қўйган хато – камчиликларимизни танқидий таҳлил қилишни, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ ва таъсирчан чораларни ҳамда келгуси ўқув йилидаги асосий вазифалармизни белгилаб олишни мақсад қилиб қўйганмиз.

Биз аминмизки, келгуси ўқув йили бундан ҳам баракалироқ ва сермазмун бўлади.

Эътиборларингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 03/07/2015 07:53;   Кўрилганлиги: 25
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/speeches/viloyat-xalq-talimi-boshqarmasi-boshligi-azamat-umarovning-2015-yil-2-iyul-kuni-otkaziladigan-matbuot-anjumanidagi-maruzasi
Чоп этилган вақт: 21/04/2019 01:34
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг